Эркин Воҳидов


10:09 / 08.09.2021 986 0

 

1936 йил 28 декабрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида зиёли оилада таваллуд топган.

1960 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлаган.

1983 йилда Ўзбекистон давлат мукофоти,

1987 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони,

1997 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени,

1999 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

2016 йилда вафот этган.

 

Илк шеърий тўплами – “Тонг нафаси” 1961 йилда нашр этилган. Шундан сўнг шоирнинг “Қўшиқла­рим сизга” (1962), “Юрак ва ақл” (1963), “Менинг юлдузим” (1964), “Муҳаббат” (1976), “Тирик сайёралар” (1978), “Шарқий қирғоқ” (1982), “Келажакка мактуб” (1983), “Бедорлик” (1985), икки жилдли “Муҳаббатнома”, “Садоқатнома” сайланма­си (1986), “Куй авжида узилмасин тор” (1991), “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” (1992) сингари бир қатор китоблари чоп этилган. Адиб ижодида “Ёшлик девони” (1969) китоби алоҳида ўрин тутади. Мазкур тўплам билан ижодкор мумтоз адабиёт анъаналарини муносиб давом эттириб, арузга замонавий руҳ бағишлади.

Халқимиз, Ватанимиз тарихидаги улкан воқеа – Мустақил­лик халқ меҳрини қозонган атоқли шоир ижоди ва фаолиятига кучли илҳом бағишлади, янги давлатнинг қонуний асосларини яратиш, азалий қадриятларни улуғлаш, ўзликни англаш йўли­да фидойилик билан хизмат қилди. Парламент аъзоси, таниқли жамоат арбоби сифатида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида фаол иштирок этди. Ватанпарварликка даъват этувчи публицистик мақолалари билан давр руҳини акс эттирган бўлса, шеърий, драматик асарларида қалб туғёнларини ифодалади. Эркин Воҳидовнинг шу йиллардаги ижоди мустақиллик ғоялари би­лан тўйинган, янги маънавий қадриятларни улуғлашга сафар­бар этилган бадиий хазина бўлди.

Мустақиллик йилларида шоирнинг ижоди она халқи то­монидан интиқлик ва меҳр билан кутиб олинди. 2000 – 2001 йилларда чоп этилган тўрт жилддан иборат сайланмаси (“Ишқ савдоси”, “Шеър дунёси”, “Умр дарёси”, “Кўнгил нидоси”), “Де­вон” (2015), “Ўзбегим” (2016) сингари тўпламлари чоп этилиб, уларда шоирнинг уйғоқ туйғулари ўз ифодасини топган.

Эркин Воҳидовнинг “Орзу чашмаси”, “Нидо” (1964), “Палат­када ёзилган достон” (1966), “Қуёш маскани” (1970), “Руҳлар исёни” (1978) каби асарлари ўзбек адабиётидаги энг яхши достон намуналаридир. Мазкур асарлар истибдод йилларида ўз­бек халқи миллий ғурури ўсишида улкан таъсир кўрсатди.

Эркин Воҳидовнинг “Шоиру шеъру шуур” (1987), “Изтироб” (1992), “Сўз латофати” (2015) китобларига кирган мақолалари, суҳбатларида адабиёт, ижод жараёнлари, ўзбек тили лексико­логиясига доир илғор қарашлари ифодаланган. Айниқса, “Сўз латофати” китоби ўзбек луғатшунослигида “Муҳокамат ул-луға­тайн”дан кейин яратилган энг нодир манба сифатида эътироф этилди. Унда ўзбек тилининг бойиш манбалари, этимологияси, диалектологияси, лексикаси етук ижодкор нигоҳи билан таҳлил қилинган.

Ижодкор улкан таржимон сифатида И. Гётенинг “Фауст”, Р. Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” (тугалланмаган), С. Есениннинг “Форс тароналари” асарларини ўзбек тилига маҳорат би­лан таржима қилди. Шунингдек, Л. Украинка, А. Блок, Ф. Шиллер, Муҳаммад Иқбол сингари жаҳон шеъриятининг ёрқин намоян­далари ижодидан намуналарни ўзбек тили­га ўгирди. Шоир шеърлари чет (немис, фран­цуз, рус, инглиз, урду, ҳинд, араб, форс) ва қардош туркий тилларга таржима қилинган.

Атоқли шоир, драматург, таржимон ва жамоат арбоби Эркин Воҳидов узоқ йиллик анъаналарга эга бўлган, тарихи кўркам ўз­бек адабиётини янги оҳанглар билан бойит­ди. Унинг шеъриятида ўзбек тили халқона оҳангларда ўзининг жилосини яна ҳам на­фис ва латофатли намоён қилди. У яратган образлар худди халқ қаҳрамонларидек муҳ­лислар қалбида яшамоқда.

Эсдаликлари ва публицистик мақола­ларида буюк халқ меҳрини қозонган ижод­корнинг инсоний гўзал қиёфаси, бой ва на­зокатли маънавий олами акс этган. Ардоқли ижодкорнинг адабиёт ва эл-юрт олдидаги хизматлари инобатга олиниб, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрдаги қаро­ри билан Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонлан­ди. 2018 йил сентябридан Марғилон шаҳри­да Эркин Воҳидов номидаги истеъдодли ёш ижодкорлар мактаби иш бошлади. Шоир­нинг шогирдлари саъй-ҳаракати билан “То қуёш сочгайки нур: Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди замондошлари нигоҳида” ҳамда 2018 йилда Эркин Воҳидов ҳикматларидан иборат “Баҳрдан баҳралар” номли китоблар нашрдан чиқди.

Шоир, драматург, публицист ва таржи­мон, жамоат арбоби Эркин Воҳидов хотира­си халқимиз қалбида абадий барҳаётдир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш