Тожикистонда ҳожиларни тантанали кутиб олиш тақиқланиши мумкин

Сақлаш
10:05 / 16.05.2024 563 0

Мажлиси Намояндагон (Тожикистон парламенти қуйи палатаси) мажлисида мусулмон байрамлари – Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларида «Идгардак», яъни болалар байрамини ўтказишни тақиқловчи қонунни қабул қилган.

 

Парламентнинг «Садои мардум» газетасининг ёзишича, республикада миллий маданиятга тўғри келмайдиган либослар кийиш ҳам тақиқланди. Бундан ташқари, тўй, маърака ва зиёратчиларни табриклашда янги чекловлар жорий этилган.

 

Мазкур чекловлар 8 май куни парламент қабул қилган «Анъана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар сифатида киритилган.

 

Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Сулаймон Давлатзода ҳам қабул қилинган қонун янги замон талабларига жавоб беришини таъкидлаб ўтган.

 

Хабарга кўра, «Идгардак» маросими энди умуман ўтказилмайди.

 

«(Маросимни) тақиқлашдан мақсад Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайитларини нишонлашда болаларни тўғри тарбиялаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Бу кунларда ортиқча исрофгарчилик, ширинликлар ва бошқа совғалар бериш ман этилади», дейилади «Садои мардум» газетасидаги хабарда.

 

Маълумот учун, «Идгардак» маросимида болаларга ширинликлар тарқатилади. Яъни, Тожикистонда Рамазон ва Қурбон байрамларида болалар қариндошлари ва қўни-қўшниларининг уйларига бориб, уларни табриклайди, совғалар олади.

 

Парламент аъзолари, шунингдек, янги турмуш қурганларга пулни тўй дастурхонининг ўрнига хайрия ишларига, масалан, йўлларни таъмирлаш ва сув қувурларини ётқизишга сарфлашни таклиф қилмоқда.

 

Давлатзоданинг айтишича, келин-куёвга ҳамроҳлик қилишда кўп сонли автомашиналардан фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис энди мамлакатда «загс» учун тўрттадан ортиқ машинадан фойдаланишга рухсат берилмайди.

 

Қабул қилинган қонуннинг 13-моддаси зиёратчиларга оид.

 

«Сўнгги йилларда зиёратчилар сони кўпайган, айрим фуқаролар Ҳаждан кейин зиёратчиларни кутиб олиш ва уларни қабул қилишни ташкил қилишда исрофгарчиликка йўл қўймоқда. Шу боис қонун лойиҳасининг 13-моддасида Ҳаж ва Умра зиёратига борувчи ва зиёратдан қайтувчиларни оила ичида кузатиш ва кутиб олиш кўзда тутилган», дейилади хабарда.

 

Шу қаторда, зиёратчиларни кутиб олишда ҳовлилар, уйлар, кўчалар, маҳаллалар ва ҳатто машиналарни безатиш ҳам мумкин эмас.

 

«Ҳаж ва Умра зиёратчилари учун қўйилган тақиқлар ўрнига хайрия ишлари, жумладан, йўлларни таъмирлаш, сув қувурларини ётқизиш, ижтимоий объектлар ва кўприклар қуриш ёки таъмирлаш каби ишлар билан шуғулланиш имконияти яратилмоқда», деб изоҳ берилади хабарда.

 

Бундан ташқари, энди Тожикистонда чет эл кийимлари ҳам ноқонуний ҳисобланади.

 

Хабарда ёзилишича, миллий маданиятга ёт кийимларни олиб кириш, сотиш, тарғиб қилиш, шунингдек, жамоат жойларида бундай кийимларни кийишга тақиқ қўйилди. Аммо қайси кийимларга эканлигига ҳали аниқлик киритилмаган.

 

Маълумот учун, «Тожикистон Республикасида байрамлар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламент томонидан қабул қилинган бўлиб, энди у мамлакат президенти томонидан имзоланиши керак.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//